Қайта молиялаш ставкаси ўзгартиришсиз қолдирилди

27.10.2017

Қайта молиялаш ставкаси ўзгартиришсиз қолдирилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ўзининг навбатдаги йиғилишида қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз миқдорида қолдириш бўйича қарор қабул қилди.

Мазкур қарор қуйидагилардан келиб чиқиб қабул қилинди.

I. Макроиқтисодий ҳолат

2017 йилнинг ўтган даври мобайнида республикадаги макроиқтисодий ҳолат иқтисодий ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтилиши, иқтисодиётни либераллаштириш, ҳудудларни комплекс ва мутаносиб ривожлантириш бўйича давлат дастурлари ижросининг фаоллашуви шароитларида шаклланиб борди.

Хусусан, мамлакат иқтисодиётини диверсифакция қилиш, янги иқтисодий ва индустрил зоналарни ташкил этиш, инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш ва бу борада рағбатлантирувчи иқтисодий механизмларни кенг қўллаш орқали тармоқ ва ҳудудларга хорижий сармояларни жалб этиш бўйича ишларнинг жадаллашуви тадбиркорлик соҳасида ижобий кутилмаларни шакллантирди.

Шунингдек, ташқи савдо фаолиятининг босқичма-босқич эркинлаштирилиши ҳамда миллий валюта реал алмашув курсининг рағбатлантирувчи динамикага эга бўлиши мамлакатга экспорт орқали кириб келаётган валюта тушумлари ҳажмининг сезиларли ўсишига олиб келди. Бу, ўз навбатида, реал сектордаги иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи омил вазифасини бажарди.

Жорий йилнинг январь-август ойларида сўм расмий алмашув курсининг юқори суръатларда девальвация қилиниши ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ички валюта бозорини либераллаштириш билан боғлиқ кутилмаларнинг кучайиб бориши реал сектордаги иқтисодий ва инвестицион фаолликка турлича таъсир ўтказди.

2017 йилнинг биринчи ярмида тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолини кредитлашнинг фаоллаштирилиши ҳамда унинг таъсирида пул массасининг тез суръатларда ўсиши инфляция даражасининг ошишига олиб келувчи асосий омиллардан бири бўлди.

Шу билан бирга, инфляция суръатларининг ўтган йилнинг мос ойларига ва прогноз кўрсаткичларга нисбатан юқорироқ бўлиши ҳамда инфляцион босим ва кутилмаларнинг ортиши макроиқтисодий ҳолатга, хусусан инвестицион муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи хатарларни кучайтириб борди.

II. Пул-кредит сиёсати таҳлили

2017 йилнинг 9 ойи давомида пул-кредит сиёсати юқорида қайд этилган макроиқтисодий ҳолат, хусусан юқори инфляцион босим шароитларида амалга оширилди.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида иқтисодиётда пул таклифи ҳажми ва сўм девальвация даражасининг тез суръатларда ўсиши реал фоиз ставкаларининг пасайишига ҳамда тижорат банкларининг кредитларига бўлган талабнинг ошишига, натижада инфляцион босим ва хатарларнинг кучайишига олиб келди.

Иқтисодиёт ва пул-кредит соҳасида шаклланган ушбу вазият, ички бозорда нархларнинг ўсиш суръатларини секинлаштириш ва инфляцион хатарларни чеклаш вазифалари Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасини жорий йилнинг 28 июнидан йиллик ҳисобда 9 фоиздан 14 фоизгача оширишни тақозо этди.

Бу, ўз навбатида, банклараро пул бозорида ўртача фоиз ставкалари январь-июнь ойларидаги 8,1 – 9% фоиздан, III чоракда 12-12,2 фоизгача кўтарилишига замин яратди. Шу билан бирга, банклар томонидан иқтисодиётга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкасини ўртача 2 фоиз банддан кўпроққа ошиши кузатилди.

Депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг динамикасида ҳам ўсиш ҳолатлари кузатилди. Хусусан, июль-сентябрь ойларида юридик ва жисмоний шахсларнинг жами муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 11,9 фоиздан мос равишда 12,9, 13,5 ва 15,2 фоизгача кўтарилди. Бунда ўсиш, асосан, юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича фоиз ставкаларининг биринчи ярим йилдаги ўртача 6,4 фоиздан 11,4 фоизгача кўтарилиши билан изоҳланади.

Кредитлар ва депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг кўтарилиши асосан қисқа муддатли ресурслар бўйича фоизларнинг ошиши ҳисобига рўй берди.

Шу билан бир қаторда, Марказий банк томонидан самарали банк назорати, хусусан кредитлаш жараёнида тижорат банклари томонидан иқтисодий нормативларга қатъий риоя этилишини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб борилди.

Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши натижасида июль ойидан бошлаб тижорат банклари томонидан кредитлаш ҳажмларининг ва пул массасининг ўсиш суръатларини пасайтириш ҳамда вужудга келган инфляцион босимни камайтириш имкониятлари яратилди.

Хусусан, 2017 йилнинг февраль-июнь ойларида банклар томонидан миллий валютада иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғининг ўртача ойлик ўсиш суръати 5,3 фоизни ташкил этган бўлса, III чоракда ўсиш суръатлари ўртача 0,8 фоизгача секинлашди.

Миллий валютадаги пул массасининг ўсиш суръатлари ҳам жорий йилнинг биринчи ярмидаги ўртача 2,3 фоизлик ойлик ўсишдан III чоракда 0,2 фоизгача пасайди.

Банкларнинг ликвидлигига таъсир қилувчи омиллар

Сентябрь ва октябрь ойларидаги ички валюта бозори фаолиятининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, валюта сиёсатини либераллаштириш доирасидаги ислоҳотлар амалга оширилганидан сўнг валюта биржасидаги операциялар ҳажми сентябрь ойида биринчи ярим йилликдаги ўртача ойлик ҳажмларга нисбатан қарийб 2 баробар, экспортёрлар томонидан хорижий валютани сотиш ҳажми эса 3,5 баробар кўпайди.

Шу билан бирга, агар Марказий банк жорий йилнинг биринчи ярми давомида корхоналар маблағларини конвертация қилиш учун валюта заҳиралари ҳисобидан маблағларни сарфлаган бўлса, сентябрь ойида валюта курсининг эркинлашуви валюта маблағларини сотиб олиш орқали алмашув курсининг мувозанатини таъминлашни тақозо этди.

Кредитлаш ҳажмлари ва муомаладаги нақд пуллар миқдорининг ўсиши

Жорий йилнинг биринчи ярмида тижорат банклари томонидан фаол кредитлаш сиёсатининг юритилиши ва мазкур даврда муомаладаги нақд пуллар миқдорининг юқори суръатларда ўсиши тижорат банкларининг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидаги пул маблағларининг камайишига таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлди.

Ўз навбатида, валюта бозори фаолиятининг эркинлаштирилиши, хусусан хорижий валютани сотиш ва сотиб олиш бўйича чекловларнинг бартараф этилиши банк тизимига нақд пул оқимининг кўпайишига ҳамда муомаладаги нақд пуллар миқдори ўсиш суръатларининг пасайишига хизмат қилди.

Пул-кредит сиёсати инструментларининг қўлланилиши

Тижорат банкларининг ликвидликка бўлган талаби пул-кредит сиёсатининг бозор инструментларини самарали қўллаш орқали қондириб борилди.

Хусусан, Марказий банк томонидан жорий йилнинг июль ойидан бошлаб тижорат банкларига хорижий валютани гаровга олган ҳолда қисқа муддатли кредитлар бериш ва своп операцияларнинг йўлга қўйилиши ҳамда ушбу операцияларнинг фаол амалга оширилиши тижорат банкларининг ликвидликка бўлган эҳтиёжини бозор механизмлари ҳисобига қоплаш имконини берди.

Шунингдек, мажбурий заҳиралардан банк тизимида ликвидликни тартибга солишда фаол ва мослашувчанлик билан фойдаланиб борилди.

Натижада, шаклантирилган мажбурий заҳиралар таркибида миллий валютадаги маблағлар улуши жорий йил бошидаги 60 фоиздан 1 октябрь ҳолатига 8 фоизгача камайди. Бу, ўз навбатида, мазкур даврда тижорат банкларининг миллий валютадаги ликвидликка бўлган талабини ошганлигини акс эттириб, банклар томонидан сўмдаги ликвидлик бўйича эҳтиёжни қондиришда мажбурий заҳиралар инструментидан ҳам фойдаланиш имконини берди.

Давлат бюджетининг ҳолати

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат бюджети ва ҳукуматнинг бошқа ҳисобварақларидаги пул маблағлари қолдиғининг йил бошига нисбатан барқарор даражада бўлиши банк тизими ликвидлигининг ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатмади.

III. Истеъмол баҳолари индекси динамикаси таҳлили

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларида истеъмол баҳолари индекси бўйича ҳисобланган инфляция даражаси ўтган йилнинг мос даврига (2,2 фоиз) нисбатан юқори бўлиб, 7,8 фоизни ташкил этди.

Бунда, мазкур даврда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи бўйича нархларнинг ўртача ўсиши 7,6 фоизни (2016 йилнинг мос даврида 3,3 фоизга пасайган), ноозиқ-овқат маҳсулотлари бўйича 8,6 фоизни (2016 йилнинг мос даврида ўсиш 6,4 фоиз) ҳамда пуллик хизматлар бўйича тарифларнинг ошиши 7,0 фоизни (2016 йилнинг мос даврида ўсиш 7,0 фоиз) ташкил этди.

Умуман олганда, нархларнинг ошишига монетар омиллар билан бир қаторда анъанавий мавсумий ва таклиф омиллари ҳам таъсир кўрсатди.

IV. Инфляциянинг прогнози ва йил якунига қадар фоиз сиёсати

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кузатилаётган иқтисодий жараёнлар динамикаси давом этган ҳолда қатъий пул-кредит сиёсатининг сақлаб қолиниши жорий йилнинг IV чорагида монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини минимал даражага пасайтириб, ушбу давр учун дастлаб прогноз қилинган кўрсаткичларга эришиш учун қулай шароит яратиб беради.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳамда миллий валютадаги активларнинг даромадлилигини сақлаб қолиш, реал фоиз ставкаларининг ижобийлигини таъминлаш ва иқтисодиётда пул таклифи суръатлари ўсишининг олдини олиш мақсадида қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Источник: http://cbu.uz/

Новости